Охирги 7 та постда GMAT сертификати борасида
- умумий маълумот,
- қисмлари борасида батафсил ахборот,
- GMAT учун мантиқ, математика, ва инглиз тилининг ўрни
ҳақида сўз юритдик. Кейинги, охирги 2 постда GMAT’га тайёрланиш ҳақидаги постлар билан GMAT ҳақидаги сериямизни якунлаймиз.
Бугунги постда эса GMAT имтиҳонини топшириш ҳақида гаплашамиз. Нархи қанча, қачон топшириш мумкин, ва тест марказлари қаерда?
GMAT Имтиҳонинг Нархи
GMAT имтиҳонига ариза топшириш деярли барча давлатда $275-$300 туради. Ўзбекистон шароитида тест марказида $275, онлайн топшириш сизга $300'га тушади. Ҳа, GMAT тестини тест марказига бориб, ёки уйингизда ўтириб ҳам топшириш мумкин. Тўловларни MBA.com орқали исталган йирик банк карталари (Виса, Mastercard, American Эхпресс) орқали тўлаш мумкин.
GMAT сертификатида онлайн топшириш, ўзгартириш, ва бекор қилиш доимо қимматроқ бўлади.
Ундан ташқари, жавобингиз чиққач тест натижаларини 5 кун ичида текинга 5 тагача университетларга жўнатишингиз мумкин. Бу муддат ёки лимит ўтгач, ҳар битта университетга жўнатиш $35 га тушади.
Ҳар бир инсон GMAT тестини ҳаёти давомида 8 марта, бир йилда эса 5 мартагача топшириши мумкин. Тестлар орасидаги вақт камида 16 кун бўлиши керак.
GMAT тестини топширгач, сизга таҳлил берилади: қайси саволларда хато қилдингиз, қандай турдаги саволларда хато кетди, ва ҳоказо. Агарда чуқур аналитикани хоҳласангиз, $30 эвазига Enhanced Score Репорт (ESR) уни олишингиз мумкин.
Агар маълум бир сабаб туфайли тестингизни бошқа вақтга кўчирмоқчи бўлсангиз, ёки тестни бекор қилиб пулингизни олмоқчи бўлсангиз, қанча эрта бўлса шунча яхши. Қуйидаги вақтга қараб аниқ фигуралар берилган:
| Имтиҳонга Қолган Вақт | Ўзгартириш | Бекор Қилиш |
|---|---|---|
| 60 кундан ошиқ | $55 (тест маркази) / $60 (онлайн) | Қисман пул қайтарилади ($110) |
| 15-60 кун | $110 / $120 | Қисман пул қайтарилади ($80) |
| 14 кундан кам | $165 / $180 | Одатда пул қайтарилмайди |
GMAT Топшириш Вақтлари
IELTS ёки миллий CEFR сертификатидан фарқли ўлароқ, GMAT имтиҳонинг аниқ бир белгиланган санаси йўқ, худди TOEFL имтиҳони каби. GMAT онлайн компьютерда топширилганлиги сабабли, деярли исталган ҳафта куни топшириш мумкин. Бу тест марказининг очилиб-ёпилишига ва бошқа имтиҳонларга ҳам боғлиқ.
Бу дегани, назарий жиҳатдан, эртадан кейинги имтиҳонингизга, агар жой бўлса, бугун регистрация қилишингиз мумин. Ёки, ўзингизга мативация ва эслатма бўлиши учун 6 ой кейинги имтиҳонингизга ҳам рўйхатдан ўтишингиз мумкин. Яъни, 24 соатдан 6 ойгача.
GMAT имтиҳонини Ўзбекистонда топширадиганлар нисбатан кам, лекин шунга яраша жойлар ҳам. Камида 1 ой олдин имтиҳонга тўлов қилиб жойингизни банд қилиш тавсия қилинади.
Одатда, GMAT учун энг керакли хислат - бу давомийлик (consistency). Имтиҳонга $275 тўлов қилиш сизга катта эслатма ва маъсулият бўлади.
GMAT Тест Марказлари
Ўзбекистон ҳудудида ягона GMAT тест маркази - BePro ўқув маркази. У Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор Стадиони яқинида жойлашган IT ўқув маркази. У Пеарсон VUE билан ҳамкорликда IT, инглиз тили, тиббиёт, ва GMAT имтиҳонларини ўтказади. Шахсан ўзим 2025-йил Октябрь ойида у ерда GMAT топширганман. У ердаги ходимлар жуда профессионал.
Ўзбекистон шароитида онлайн GMAT имтиҳони тавсия қилинмайди. Бунинг бир нечта сабаби бор:
- Интернет ўчиб қолиши ёки яхши ишламаслиги мумкин;
- Электр токи ўчиб қолиши мумкин;
- Компьютерда муаммолар бўлиши эҳтимоли юқори (ҳамма VPN’лар ўчирилиши керак);
- Сизни катта эҳтимол билан ҳиндистонлик инсон тест давомида назорат қилади ва тушунмовчилик келиб чиқиши мумкин.
Онлайн имтиҳон топшираётганда нархи ҳам қиммат, ҳам ортиқча ғалваси бор. Шу сабабли, энг зўри тест марказига бориш.
Албатта, агар сиз Тошкент ёки унга яқин ҳудудларда бўлмасангиз, онлайн имтиҳон ҳам бўлади. Фақат интернет, ток, ва компьютер потенсиал муаммоларини олдиндан ҳал қилиб қўйиш керак.
Изоҳлар